TOSHKENT DAVLAT AGRAR UNIVERSTITETI TERMIZ FILIALI

Toshkent davlat agrar universiteti Termiz filiali direktorining murojaatnomasi.

15 Yanvar 2020
Ko`rildi: 122

Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали директори иқтисод фанлари доктори,
профессор Абдуғаффор Сафарович Жўраевнинг “Олий таълим соҳаси - коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш
юзасидан филиал жамоаси, талаба-ёшлар ҳамда ота-оналарга

МУРОЖААТНОМАСИ

Ҳурматли раҳбар-ходимлар ва профессор-ўқитувчилар!

Азиз талаба-ёшлар!

Қадрли ота-оналар!

Мамлакатимиз Президентининг улкан саъи-ҳаракатлари билан олий таълим тизими ҳам аксарият соҳалар каби ривожланишнинг янги даврини бошидан кечирмоқда ва соҳада муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, моддий-техник база тобора мустаҳкамланиб, таълим сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётларининг янги авлодлари яратилмоқда, илмий салоҳиятни янада оширишга, ёшлар билан маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалини ташкил этилиши мамлакатимиз жанубий минтақасида аграр соҳа учун олий маълумотли кадрлар тайёрлаш имкониятини яратди.

Қисқа фурсатларда филиалимизда замонавий ўқув биноси ва талабалар турар жойи янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди, мавжуд ўқув-аудиториялари, айниқса ўқув-лаборатория мажмуалари замонавий қилиб жиҳозланди, янги таълим йўналишлари очилди, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг хорижий давлатларга малака ошириши, амалиёт ўташи йўлга қўйилди.

Олий таълим тизимида амалга оширилаётган эътиборга молик ишлар билан биргаликда, ҳаммамизга маълумки, тизимда ҳалигача айрим муаммоли масалалар мавжуд. Шулардан бири, давлат ва жамият ривожланишига раҳна солувчи иллат – коррупциянинг олий таълим тизимига салбий таъсир кўрсатаётганлигидир.

Ҳурматли раҳбар-ходимлар ва профессор-ўқитувчилар!

Жамиятимизда коррупцияга қарши тизимли равишда курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида Коррупциясиз соҳа лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш белгилаб қўйилди.

Хабарингиз борки, бу борада, филиалда жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда давра суҳбатлари мунтазам ўтказиб келинмоқда, шу билан бирга, ўтказилган давра суҳбатлари ва учрашувларда профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг коррупцияга қарши курашиш, порахўрликка йўл қўймаслик борасидаги таклифлари ҳам тингланмоқда.

Соҳада ойлик-маошлар оширилаётганлиги, раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш, уларга кўпгина имтиёзлар берилаётганлигига жавобан халқимизга садоқат, фидоийлик, ташаббус кўрсатиб ва ҳалоллик билан хизмат қилиш фурсати аллақачон етганлигини бугун биз – Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида меҳнат қилаётган ҳар бир раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчи жуда яхши англашимиз зарур.

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган филиал жамоаси аъзоси – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, унга нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар”лиги таъминланади! Бу йўлда ким тўғри хулоса чиқармаса, аяб ўтирилмайди!

Азиз талаба-ёшлар ва қадрли ота-оналар!

Ҳозирги кунда мамлакатимиз аграр соҳаси тармоқларида инновацион ресурстежамкор техника ва технологиялар, интенсив агротехнологияларни қўллай оладиган, қишлоқ хўжалиги экинларида ҳосилдорликни ошириш, уларнинг селекцияси ва уруғчилигини ташкил этиш, касалликлар ва зараркунандаларга қарши курашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлашда янги ва замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Шундай экан, қабул жараёнларида ёки таълим олишнинг барча босқичларида турли найранг ва фирибгарликлар қурбонига ёки аъзосига айланиб қолманг. Ҳеч қачон сабабсиз оқибат бўлмаслигини ёддан чиқарманг! Фақат билимга ишонинг ва унга таянинг! Филиалда таълим-тарбия олаётган ёшларимиз вақтини бекорчи нарсаларга сарфламай, фақат билим олиш билан банд бўлишларида филиал жамоасига ота-оналар кўмакдош бўлиши лозим, чунки, оила – жамиятнинг асоси, таълим-тарбиянинг ўзаги эканлигини унутмайлик!

Таъмагирлик, пора олиш ёки пора бериш ва унга ундаш каби жирканч иллатларга қарши курашда бирлашсак, ўйлайманки, бу соҳада самарали натижаларга эришиб, Олий таълим муассасамиз янада ҳақиқий зиё масканига айланади. Ҳеч шубҳасиз, бу ишлар натижасида аграр соҳада мутахассис-кадр бўлишни мақсад қилган ёшлар ва уларнинг ота-оналарини доимий эътирофларига сазовор бўламиз, келгусида таълим масканимизда қўшни Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон давлатларидан ҳам айни соҳаларда таълим олиш истагида бўлган фуқаролар сонини ортишига эришамиз!

2020 йил 10 январь